Покистон бош вазири Имрон Хонга суиқасд қилишга уриниш бўлди. Бу ҳақда «Anadolu» хабар берди.
Келтирилишича, ушбу воқеадан сўнг сиёсатчини қўриқлаш ишлари кучайтирилган. Суиқасд ҳақидаги маълумотни мамлакат ахборот вазири Фавад Чаудри эълон қилган. Унинг баёноти собиқ вазир Файсал Вавда мамлакат бош вазирининг ҳаёти хавф остида эканини айтганидан бир кун ўтиб янграган. Имрон Хоннинг ўзи АҚШ мустақил ташқи сиёсат учун уни ағдариб ташлашга қарор қилганини айтган.
«Америкадан 7 март куни хат олдик. Майли, қайси давлатдан эканини айтмайлик, хорижий давлат эди. Бу элчимиз ўша давлат расмийлари билан учрашув чоғида олган расмий ҳужжати бўлган. Унда ‘агар Имрон Хон ишончсизлик вотуми бўйича кетса, биз Покистонни аяймиз, акс ҳолда, мамлакат салбий оқибатларга дуч келади’ дейилган», — дейди Покистон бош вазири.
Ўз навбатида, Оқ уй матбуот котиби Кейт Бедингфилд матбуот брифингида бу даъволарни рад этган.
Покистон бош вазири унинг мамлакати АҚШ, Россия, Хитой ва Европа Иттифоқи билан дўстона алоқаларга эга экани ва ҳеч қандай лагерга қўшилмоқчи эмаслигини таъкидлаган. Исломобод ҳамма билан ҳамкорлик қилиш ниятида эканини билдирган.