Самарқандда ҳаракатдан тугатилган жиноят иши бўйича, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилмоқда

Бунга вилоят прокуратураси муносабат билдирди.

Ҳужжатларга кўра Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи фуқаро Б.Эрназаров «Ж.Қосим» маҳалласида истиқомат қилувчи Ф.Қ устидан Самарқанд вилояти ИИБга ариза билан мурожаат қилади.
Мурожаатга кўра 2020 йил Эрназаров айбланувчи Ф.Қга тухум савдоси учун 18 минг АҚШ доллар миқдорида маблағ беради. Ф.Қ олган пулларини 1.5 минг долларини қайтариб бериб, қолган қисмини қайтармасдан келаётганлигини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди.

Вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар беришича, мазкур мурожаат юзасидан Пастдарғом тумани ИИБ ҲПБ ТП томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, натижасига кўра, ушбу ҳолатда жиноят таркиби аниқланмаганлиги сабабли 24.07.2021 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Тўпланган хужжатлар вилоят прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилиб, 01.11.2021 йилда жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарорини бекор қилини, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят ишини қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилиниб, жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини давом эттириш учун Пастдарғом тумани ИИБ ҳузуридаги ТБга юборилган.

Жиноят иши юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Жиноят иши бўйича Ф.Қ жиноят иши қўғатилган кунига қадар Россия Федерасиясига чиқиб кетганлиги, жабрланувчи Б.Эрназаров келтирган важлар бўйича Ф.Қ ни сўроқ қилмасдан уни жавобгарликка тортиш учун етарли далиллар бўлмаганлиги сабабли, 29.12.2021 йилда жиноят иши тергови Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши тугатилган.

23.03.2022 йилда мазкур жиноят иши назорат тартибида Пастдарғом туман прокуратураси томонидан ўрганилиб, бир нечта асосларга кўра, жиноят ишини ҳаракатдан тугатиш ҳақидаги қарорни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, жиноят иши қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказиш учун Пастдарғом тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимига юборилган.

Ҳозирда жиноят иши Пастдарғом тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчиси томонидан иш юритувга қабул қилиниб, мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.