Тафаккур вақти: Бўрилар билан қўйлар



Бўрилар қўйларга ҳужум қилмоқчи бўлишардию подани итлар қўриқлагани учун бунга журъат қилишолмасди.

Шунда улар мақсадларига ҳийла-найранг билан етмоқчи бўлишди. Бўрилар қўйларга элчи юбориб, итларни тутиб беришни таклиф қилиб: “Ахир, орамиздаги адоват фақат шу итлар туфайли. Агар уларни бизга тутиб берсангиз, сизу биз тинч-тотув яшайверардик!” дейишди.

Оқибатини ўйламаган қўйлар лаққа тушиб, қўриқчи итларни тутиб берди. Шундан сўнг бўрилар ҳимоясиз қолган қўйларни осонгина маҳв эта бошлади.

Алқисса, даҳоларини ҳеч қаршиликсиз ғанимларга бериб қўйган халқнинг ўзи ҳам тезда душман асоратига тушиб қолади.

“Эзоп масаллари”дан