Россия фуқаролигини олишда бир қатор енгилликлар берилди

Россия Беларусь, Украина, Молдова ва Қозоғистон учун фуқаролик олишни соддалаштиради. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Давлат думасида биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаси 20 дан ортиқ тоифадаги шахсларга қўйилган талаблар сонини қисқартиришни назарда тутади. Россия қонунчилиги асослари, тарихи, рус тилини биладиган, Конституцияга риоя қилишни ўз зиммасига оладиган, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солмайдиган шахслар фуқаролик олади.

Соддалаштирилган тартибда фуқароликни Россияда яшовчи яқин қариндошлари бўлган шахслар ҳам олиши мукин. Улардан рус тилини билиш талаб этилмайди. Россия ҳудудида 1992 йил 6 февралгача туғилганлар ҳам Россия фуқароси деб тан олиниши мумкин. СССР ёки Россияга содиқлик қасамёдини қабул қилган ҳарбий хизматчилар ҳам шундай имкониятга эга бўлади. Қонун лойиҳасига кўра, ушбу шахсларнинг чет эл фуқаролигига эга бўлиши уларни Россия фуқароси деб тан олишни рад этиш учун асос бўлмайди.