Самарқанд вилояти Нарпай туманида ҳокимлик мансабдорларидан товламачилик йўли билан пул ундирмоқчи бўлган сохта блогер ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, Нарпай туманида яшовчи, 1995 йилда туғилган Н.Х. туман ҳокимлиги мансабдорларидан моддий маблағ ундиришни мақсад қилган. Йигит уларнинг фаолияти хусусидаги асоссиз ва нохолис материалларни доимий равишда ижтимоий тармоқларда тарқатиш йўли билан тахдид қилиб, ушбу материалларни тарқатмаслик учун 15 миллион сўм пулни товламачилик йўли билан талаб қилган.
Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлими ходимлари томонидан 6 апрель куни ўтказилган тезкор тадбирда Н.Х. мансабдор шахсдан товламачилик йўли билан 15 миллион сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Шу ўринда, юртдошларимизга мурожаат қилиб, блогерликни ниқоб қилиб, муаммоларингизни ижтимоий тармоқда ёритиш орқали ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилиб келаётганлардан огоҳликка чақирамиз!» дейилган хабарда.