Президент раислигида бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида йўл қурилиши мавзусига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
“Ҳар бир вилоятда йирик семент корхоналари ва хусусий корхоналар билан биргаликда йўл қуриш ва эксплуатасия кластерларини ташкил этиш орқали ички йўлларнинг эгасини топиш бўйича топшириқ берган эдим.
Бу борада Қорақалпоғистон, Жиззах, Қашқадарё ва Навоийдаги ишлар аҳволи қолган ҳудудларга қараганда ҳали суст”, деди Президент.
Умуман, 2022 йилда 2 минг 300 километр, шу жумладан Андижонда 270 километр, Фарғонада 200, Қашқадарё ва Тошкент вилоятида 190, Навоий, Наманган ва Самарқандда 180, Бухоро, Жиззах ва Сурхондарёда 170, Қорақалпоғистон ва Хоразмда 160, Сирдарёда 150 километр семент-бетон қопламали ички йўлларни барпо этиш вазифаси қўйилди.
Бунинг учун 2022 йилда семент ишлаб чиқариш ҳажми 3,5 миллион тоннага кўпаяди. Яъни, жорий йил якуни билан маҳаллий семент ишлаб чиқариш ҳажми 18 миллион тоннага етади. Бу билан ички эҳтиёжлар тўлиқ қопланиши таъкидланди.