2022 йилнинг 2 апрел куни Франциянинг “Чассе эт Пече ТВ” телеканалининг суратга олиш гуруҳи балиқ ови ва саёҳат ҳақида “Globe-pecheurs en Uzbekistan” (Балиқчи-саёҳатчилар Ўзбекистонда) ҳужжатли филмини суратга олиш учун Ўзбекистонга учиб келишди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.
Таъкидланишича, машҳур режиссёр Паскал Каррон, шунингдек, журналист Бертран Девид ва оператор Эрик Ворингер Ўзбекистонга иккинчи марта ташриф буюриб, ҳозирда суратга олиш гуруҳи Навоий ва Жиззах вилоятлари ҳудудида бўлиб, Айдар-Арнасой кўлида балиқ ови жараёнларини суратга олишмоқда.
“Балиқчи-саёҳатчилар” ҳужжатли филми француз телевидениесидаги катта аудиторияга эга бўлган филмлардан бири ҳисобланади ва у саёҳатчи балиқчиларнинг севимли телекўрсатувларидан бири сифатида тан олинган. Ҳужжатли филмни дунё бўйлаб 2 млнга яқин томошабин катта қизиқиш билан кузатади.
Қайд этилишича, “Chasse et Peche TV” канали М6 нинг бир қисми бўлиб, Метрополе Телевисион номи билан ҳам танилган. У франсуз тилида эфирга чиқувчи дунёда учинчи энг машҳур телевизион тармоқ сифатида – энг даромадли хусусий миллий телеканал ҳамдир.
Маълумот учун, ушбу лойиҳани Ўзбекистонда суратга олиш бўйича ижодий гуруҳнинг биринчи ташрифи Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан 2021 йилнинг 27 июнидан 5 июлигача ташкил этилган эди. Унда ижодий гуруҳ Республиканинг Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятларида бўлиб, суратга олиш жараёнларини амалга оширишган.