Тафаккур вақти: Нима қидиряпмиз?



Устоз шогирдига буюрди:
— Мана шу хонани кузат ва ундаги кулранг нарсаларни топ. 
Ёш шогирд устозининг бу ғалати топшириғига ҳайрон бўлиб, хонани кўздан кечира бошлади. Хонада кулранг нарсалар кўп эди. Китоб жавони, парда, суратлар, ҳатто каравот ҳам кулранг эди. У устозига кўрганларини айтди.

— Энди кўзларингни юмгин-да, кўк рангдаги буюмларни кўз олдингга келтир, — яна сўради устоз шогирдига сирли жилмайиб. 
Шогирд шунча уринса ҳам кўк рангдаги буюмларни эслай олмади.

— Мен кўк рангдаги нарсаларга умуман эътибор бермабман. Ахир ўзингиз мендан кўк эмас, кулранг буюмларни топишимни сўрадингиз-ку.

— Мен атайлаб шу йўлни тутдим. Сен фақат кулранг нарсаларни қидирдинг ва айнан шу нарсаларни топдинг. Худди шу хато сенинг ҳаётингда ҳам кузатилади: сен фақат ёмон нарсаларни қидирасан ва яхши нарсаларни олдингдан сездирмай ўтказиб юборасан. Оқибатда эса ўзинг сезмаган ҳолда фақат ёмонлик қидирадиган бўлиб қоласан. Ана шу хатога йўл қўймаслингиз учун ҳам сенга шундай йўл тутдим.    

“Яшашни бугундан бошлаймиз” китобидан