Ўзбекистоннинг Жаҳон мамлакатлари демократияси индексидаги ўрни маълум қилинди. Бу ҳақда Олий мажлис сенатида Танзила Норбоева 14 апрель куни ўтказилган Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг йиғилишида гапирди.
Қайд этилишича, 2021 йилда эълон қилинган жами 19 та халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни акс этиб, 11 тасида мамлакат ўз позициясини яхшилаган. Шунингдек, Глобал инновациялар индексида Ўзбекистон 2021 йилда 7 поғонага кўтарилиб, 132 та давлат орасида 86-ўринни эгаллаган ва энг тез юқорилаган мамлакатлар 10 талигига кирган.
«Жаҳон мамлакатлари демократияси индексининг 2021 йил якунлари бўйича эълон қилинган рейтингда Ўзбекистон ўз позициясини 5 поғонага яхшилаб, 150-ўринни эгаллаган. Жаҳон банки томонидан юритиладиган Бошқарув сифати индикаторларининг 2 тасида мамлакатимизнинг ўрни яхшиланган бўлса, 2 тасида пасайган. Масалан, Аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва ҳисобдорлик ҳамда Ҳуқуқ устуворлиги индикаторларида мамлакатимиз ўз позициясини яхшилай олмаган», — дея таъкидлади Сенат раиси.