Президент таълим муассасалари агентлиги (ПТМА) ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази (Марказ) этиб қайта номланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг жорий йилнинг 14 апрель куни қабул қилинган “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонида белгиланди.
Марказ томонидан педагог кадрларнинг билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш барча талабгорлар учун шартнома асосида амалга оширилади.
Баҳолаш натижаси бўйича 2 йил муддат давомида амал қилувчи “Илғор ўқитувчи”, “Устоз ўқитувчи” ҳамда “Профессионал ўқитувчи” даражали сертификатлар берилади. Мазкур сертификатни олган педагог кадрларига қуйидаги миқдорда қўшимча ҳақ тўланади:
• “Илғор ўқитувчи” даражали сертификатни олган педагог кадрларга уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида;
• “Устоз ўқитувчи” даражали сертификатни олган педагог кадрларга уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 70 фоиз миқдорида;
• “Профессионал ўқитувчи” даражали сертификатни олган педагог кадрларга уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 100 фоиз миқдорида.
Ушбу сертификатларни олган педагог кадрлар Агентлик тизимидаги таълим муассасаларига уларнинг малака тоифасидан қатъи назар ишга қабул қилинади.