Тафаккур вақти: АСАЛ ВА СИРКА

Бозорда икки дўкон ёнма-ён жойлашган бўлиб, уларнинг бирида асал, бирида сирка сотилар экан. Асал сотувчи ёнига ҳеч ким келмас, сирка сотувчи ёнидан эса харидор аримас экан.

Асал сотувчи толесизлигидан хафа бўлиб, кекса донишманд ҳузурига бориб, сирка сотувчиси ёнидан одам аримаслиги, ўзининг ёнига эса ҳеч ким келмаслигидан шикоят қилибди.

Асл ҳақиқатни ўрганган донишманд шундай дебди:
— Ўғлим, сен асал сотасан, лекин тилинг сиркадек аччиқ тахир. Шеригинг сирка сотади, лекин тили билан асал улашади.