Ҳазрати Мусо йўлда бир чўпонга дуч келдилар. Чўпон овозини хиёл кўтариб бундай деяётган экан: «Эй карам соҳиби Парвардигорим, қаердасан? Сенга қул бўлай, қурбон бўлай, чориғингни тикай, сочингни тарай, кийимингни ювай… Эй буюк Парвардигорим, Сенга соғилган сут тортиқ қилай, ҳамма эчкиларим Сенга қурбон бўлсин!»
Ҳазрати Мусо чўпондан сўрадилар:
– Ким билан гаплашяпсан?
– Еру кўкни яратган Аллоҳ билан! — деб жавоб берди чўпон.
Мусо алайҳиссалом чўпонга танбеҳ бердилар:
– Бу гапларинг нотўғри, ахир Аллоҳ инсон эмас-ку, у билан бундай тарзда гаплашсанг!..
Танбеҳдан чўпоннинг кўзи қоронғи бўлиб кетди, нима қиларини билмай, оҳ урганича бошини олиб чўлларга чиқиб кетди.
Иттифоқо, бир муддатдан сўнг ҳазрати Мусога Аллоҳ таолодан шундай хитоб келди:
«Эй Мусо, сенинг вазифанг инсонларни Биздан узоқлаштиришми ёки Бизга яқинлаштиришми? Нега у самимий бандамизни Биздан айирдинг? Биз сўзга, тилга боқмаймиз, кўнгилга, ҳолга қараймиз».
Ҳазрати Мусо чўлга бориб, чўпонни излаб топдилар ва унга хушхабарни етказдилар. Парвардигорига хоҳлаганича хитоб қилиши мумкинлигини ҳам маълум қилдилар.
Аҳмад Муҳаммад Турсун