«МИБ ўлган одамдан алимент ўндирмоқчи», Бюро хабарга муносабат билдирди

Mажбурий ижро бюро Яккасарой тумани бўлими ўлган отадан алимент ўндириб бермоқчи бўлаётгани ҳақида хабар берган эдик. Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Жорий йилнинг 26 апрель куни Ogoh.uz расмий сайтида «МИБ ўлган одамдан алимент ўндирмоқчи» номли танқидий мақола ёритилди.
Ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди.

Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 12.08.2014 йилдаги ижро варақасига асосан қарздор Р.Ядгаровдан  ундирувчи Н.Ризаева фойдасига вояга етмаган икки нафар фарзандлари таъминоти учун иш ҳаққи ва бошқа турдаги даромадларининг 1/3-миқдорда алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Яккасарой туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида ижро ҳужжати қўзғатилган.
Кейин ижро ҳужжати Бюронинг Яккасарой туман бўлими давлат ижрочиси А.Маликовнинг иш юритувига 16.08.2021 йилда ўтказилган.

Ўз навбатида, давлат ижрочиси А.Маликов томонидан ижро иши тўлиқ ўрганилмасдан, ундирувчининг қарздор Р.Ядгаровнинг вафот этганлиги ҳақидаги ўлим гувоҳномаси тақдим этганини инобатга олмасдан, ундирувчи номига  алимент маблағини олиш учун пласик карточка учун буюртма берган.

Давлат ижрочиси томонидан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунинг 37-моддаси 1-қисмига асосан тугатиш чоралари кўрилмаган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан давлат ижрочиси А.Маликовга нисбатан текширув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.