Hаманган вилояти Мажбурий ижро бюроси Янгиқўрғон туман бўлими давлат ижрочиси ва қоравулини фуқаро маст ҳолатда дўппослаб, уларга тан жароҳати етказган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда МИБ Наманган вилоят бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Аниқланишича, бўлим давлат ижрочиси фуқаро Б.У. га 2022 йилнинг 23 апрель куни қўнғироқ қилиб, иш юритувида бўлган 4 та, жами 957.075 сўм маъмурий жаримани қарздорлигини бартараф қилишни сўраган. Шундан сўнг, 25 апрель куни фуқаро Б.У давлат ижрочисига телефон қилиб маъмурий жарималар юзасидан тузилган баённомалардан нусха беришни сўраган ва шу куни кеч соат 20:45 ларда маст ҳолатда бўлимга ташриф буюрган. Бўлим назорат ўтказиш жойида қоравулга давлат ижрочисига киришини билдирган. Бироқ, унга иш вақти тугаганини маълум қилади. Шунда фуқаро жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан маъмурий бинога киришини айтиб жанжал кўтарди ва ташқари ҳовлида бўлим қоравулини юз қисмига уради. Шу орада уларни ажратмоқчи бўлган вақтда қарздор фуқаро давлат ижрочисини ҳам юз қисмига қўллари билан уриб, тан жароҳати етказиб, безорлик қилади.
Ўтказилган тиббий экспертизаси хулосасига кўра давлат ижрочиси ва қоравулга бош мия ёпиқ шикасти, бош мия чайқалиши, бурун суягининг ёпиқ синиши, энса соҳаси юмшоқ тўқималарини лат ейиши жароҳати ташхиси қўйилган.
Туман прокуратураси томонидан Б.У. га нисбатан безорлик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат тартибини сақлаш вазиасини бажариб турган жамоатчилик вакили ҳамда унинг безорлик ҳаракатини олдини олиш чорасини кўрмоқчи бўлган давлат ижрочисига тан жароҳати етказгани учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилди.