Йўқсил шайхлардан бири кўзи ожиз пирнинг уйида “Қуръон” турганини кўрди. Ўзича: “Бу ерда “Қуръон”нинг нима кераги бор. Бу одам кўр бўлса”, деди. Шу ўй оромини ўғирлади. “Бу ерда шу кўрдан бошқа ҳеч ким йўқ, бу қандай синоат? Яхшиси ҳеч нарса сўрамай, сабр қилай, сабр билан ниятимга етай”, деди.
Тун ярмида “Қуръон” ўқиётган овозни эшитди. Ўрнидан сакраб турди-ю шу ажиб манзарани кўрди: кўр пир “Қуръон” ўқиётган эди! Тўғри ўқиётган эди. Сабрсизланган шайх беихтиёр савол берди: “Кўзинг кўр бўлгани ҳолда бу сатрларни қандай ўқияпсан, ҳайратдаман, тўғриси?” Кўр деди:
“Эй таннинг илмсизлигидан халос бўлган, буни Аллох қила олмайдими? Нега ҳайрон бўласан? Мен Аллоҳга: “Эй мададкорим бўлган Аллоҳ, эй мадад сўралгувчи Тангрим, одам жонига кандай боғланган бўлса, мен “Қуръон” ўқишга шундай иштиёқмандман. Аммо ҳофиз эмасман.
Ё Раббий, “Қуръон” ўқиган пайтимда кўзларимга нур бер. менинг кўзларимни оч, “Қуръон”ни қўлимга олиб ўқий”, деб дуо қилдим. Аллоҳдан: “Эй “Қуръон” ихлосманди, эй ҳар дардда бизга юзланган, биздан умид узмаган киши, қачон “Қуръон” ўқишни истасанг, уни қўлга олсанг, шу лаҳзада кўзларингнинг нурини қайтиб бераман, эй буюк фитратли киши”, деган нидо келди. Ҳар нарсани билгувчи, ҳеч бир ишдан ғофил бўлмаган у улуғ подшоҳ, у ягона Аллоҳ тун чироғи янглиғ кўзларимга нур эҳсон қилмоқда”.