Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФ хавотирли баёнот билан чиқди. Унда айтилишича, дунёда шу йилнинг дастлабки икки ойида қизамиқ билан касалланган болалар сони қарийб 80 фоизга ошган.
Таҳлилларга кўра, январь ва февраль ойларида ушбу хавфли инфекцияни юқтирганлар сони 17 минг 338 нафарни ташкил этди. Ваҳоланки, ўтган йили бу кўрсаткич қарийб 9 минг 700 нафарга тенг эди.
Қизамиқ энг кўп тарқалган давлатлар рўйхатида Сомали, Яман, Нигерия, Эфиопия ва Афғонистон пешқадам. Хусусан, сўнгги 12 ой давомида ушбу мамлакатларда касалликнинг 21 та йирик эпидемияси кузатилган.
Халқаро мутахассислар қизамиқ бошқа касалликлар авж олишига сабаб бўлиши ва миллионлаб болалар саломатлигига хавф солишидан жиддий хавотирда.
Маълумотларда келтирилишича, бу инфекциядан кўпроқ болалар ва чақалоқлар азият чекади. Энг ёмони, у грипп, Эбола вируслари ва ҳатто COVID-19дан ҳам тезроқ тарқалиш хусусиятига эга.
Шу боис, ЖССТ, ўғил-қизларни ушбу хасталикка қарши эмлашга жиддий эътибор қаратиш ўта муҳим, деган хулосада.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳар йили 16 ёшгача бўлган болаларда миллий эмлаш календарига мувофиқ, дифтерия, шол, кўкйўтал, қоқшол, вирусли гепатит В, одам папиллома вируси, зотилжам қизилча, сил ва ротавирусли инфекция каби 13 турдаги бошқарилувчи юқумли касалликлар қатори қизамиққа қарши вакцинация тадбирлари ўтказилади. Хусусан, ушбу хасталик бўйича эпидемиологик ва лаборатор назорат мунтазам олиб борилмоқда.