Кўча юзи, бинолар деворлари, ер ости ўтиш йўллари, жамоат транспортлари,бекатлар, умуман, одамлар кундалик турмуш жараёнида ҳар куни дуч келадиган ерларда турли ранг-баранг суратлар пайдо бўлмоқда. Танишинг — бу стрит-арт!
Стрит-арт (street art) тасвирий санъатнинг урбанистик услуби бўлиб, инглиз тилидан «кўча санъати» маъносини беради. Санъатнинг ушбу йўналиши жамоат жойлари ва бошқа турли хил объектлардаги тасвирлар, стикерлар, деворий расмлар, постерлар, кўча инсталляциялари ва бошқа ўз ичига олади. У ҳали-ҳануз шаклланиб бораётган жанр бўлгани сабабли, бугунгидан-да кенгроқ тармоқни қамраб олиши шубҳасиз.
Жорий йилнинг 5 май санасида Тошкент шаҳридаги Махтумқули кўчасида стрит-арт фестивали ўтказилди. Ушбу фестиваль дорасида турли ижодкорларга ўз қобилиятларини намоён этиш учун имконият яратилган бўлиб, деворларга ишланган ранг-баранг ижодий ишланмалар сўзларимиз тасдиғидир.
Умуман олганда, стрит-арт шунчаки қизиқиш ёки эрмак учун чизилувчи санъат тури эмас, балки, жамият ва инсоният олдидаги муаммоларни кўрсатиб бериш ва буни кенг оммага тақдим қилиш учун имкондир.
Ушбу ижодий ишларнинг барчасида гўзаллик ва нафосат билан бирга, рамзийлик мужассамдир.
Бщлиб ўтган фестиваль ана шу жанрни янада оммалаштиришга қўйилган қадам бўлди, десак, шубҳасиз. Қуйида тадбир жараёнидан олинган суратлардан баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Ташриф буюрувчилар санъат намуналаридан баҳраманд бўлиш билан бирга, турли кўнгилочар ўйинларда иштирок этиш имкониятини ҳам қўлга киритшиди.
Шунингдек, фестиваль қатнашчиларига мусиқий кайфият ҳам ҳамроҳлик қилди.
Суратлар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга оид қонун доирасида ҳимоя қилинади. Муаллиф: Беҳзод Собиржонов