Американинг Лас Вегас штатида бўлиб ўтган профессионал бокс кечасида иккита ҳамюртимиз рингга кўтарилди. Даставвал Элнур Абдураимов кубалик боксчи Мануел Корреага қарши жанг олиб борди. 8 раунд давом этиши кўзда тутилган беллашув 2-раунддаёқ ўз ниҳоясига етди. Рақибини бир неча бор нокдаун ҳолатига тушириб қўйган Элнур якунда муддатдан олдин ғалаба қозонди. Шундай қилиб Элнур Абдураимов профессионал боксдаги навбатдаги ғалабасига эришган бўлса, Корреа биринчи мағлубиятини қабул қилиб олди.
Бундан ташқари яна бир ҳамюртимиз, профессионал боксда бир қанча ютуқларга эришиб келаётган Шаҳрам Ғиёсовга Мексика вакили Кристиан Гомес рақиблик қилди. Мексикалик боксчи бунга қадар 22 бор ғалаба қозонган бўлса, шулардан 20 та жангида рақибларини нокаутга учратган. Иккала боксчи ўртасидаги баҳс тўлиқ 10 раунд давом этди. Ҳар битта раундда тўлиқ устунликка эришган Шаҳрам Ғиёсов очколар эвазига ғалаба қозониб, зафарли юришини давом эттирди.