Жиззахдаги бўрилар юзасидан муносабат билдирилди

Жиззах вилояти Зомин шахарчасида, аҳоли яшовчи ҳудудларда бўрилар юргани акс этган видео материаллар ижтимоий тармоқларда кескин тарқалди. Ушбу вазият юзасидан Жиззах Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси муносабат билдирди.

Унга кўра шаҳарда бўри ва шунга ўхшаш ёввойи ҳайвонлар юрганлиги тасдиқланмаган. Бошқармага шу пайтгача бўриларнинг одамларга ташлангани бўйича хабарлар келиб тушмаган. Шунингдек бошқарма ушбу видео материалларни сохта деб топиб, аҳолини ваҳимага берилмасликка чақирди.

Бундан ташқари бошқарма ёввойи ҳайвонларни овлаш бўйича ҳам изоҳ бериб ўтди.

“Ўзбекистон Республикасининг “Ов ва ов қилиш хўжалиги тўғрисида”ги Қонунининг 25-моддаси 3-қисмида овчилик хўжалигига ва инсоннинг хўжалик фаолиятига зарар етказувчи ёввойи ҳайвонларни отиш ёки тутиб олиш овчилик хўжаликларининг талабномаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади, деб кўрсатилган.Яъни, овчилик хўжалигига ва инсоннинг хўжалик фаолиятига зарар етказувчи ёввойи ҳайвонлар кўпайиб кетганда овчилик хўжаликларининг талабномаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси томонидан ҳудуддаги ҳайвонлар кўпайганлиги тасдиқланган тақдирда, Фанлар Академияси ва Давлат Экология қўмитаси билан келишилган ҳолда кўпайиб кетган ёввойи ҳайвонлар сонини тартибга солиш учун овлашга рухсат берилади”, – дейилади хабарда.