Қилмиш қидирмиш : гиёҳвандфурушлар газ портлашидан жароҳат олди

Самарқандда пропан газ баллонида «опий» сақлаган гиёҳвандфурушлар қўлга олинди, баллондаги газ портлашидан олган жароҳат уларни фош қилди.

Тожикистон Республикасининг Душанбе ва Бохтар шаҳарларида яшовчи 1978 йилда туғилган Д.О. ҳамда С.С.лар пропан газ баллони ичига яширинча жойлаштирилган «опий» гиёҳвандлик моддасини Тожикистондан Ўзбекистонга олиб ўтишади ва сотиш мақсадида Ургут туманида яшовчи таниши, 1979 йилда туғилган М.Ф.нинг яшаш хонадонига келишган.

Улар пропан газ баллони ичидан гиёҳвандлик моддаларини олаётганида газ чақнаши оқибатида куйиб, туман шифохонасига боришади. Тез орада газ баллонида яна нималар борлиги маълум бўлади…

Ўтказилган текширувлар натижасида пропан газ баллони ичида целлофан пакетга ўралган 244,19 грамм «опий» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштирилди.

Ҳозирда ушбу фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.