Абу Бакр Варроқ қуддиса сирруҳ умр бўйи Хизр алайҳиссалом билан кўришишни орзу қиларди.
Ҳар куни ибрат олиш мақсадида қабристонга бориб келар, бу аснода бир жуз Қуръон ўқирди.
Бир куни шу мақсадда уйидан чиқар экан, бир нуроний унга салом берди. Абу Бакр Варроқ қуддиса сирруҳ алик олди.
Нуроний зот:
— Мен билан суҳбат қилишни хоҳлайсанми? – деди.
— Хоҳлайман, -дегач, биргаликда йўлга равона бўлдилар.
Йўл бўйи суҳбат қилиб кетдилар.
Уйга қайтгунча ҳам суҳбатлари давом этди.
Хайрлашиш вақти келгач, Абу Бакр Варроқ қуддиса сирруҳ ҳазратларидан нуроний зот рухсат сўради ва ушбу ҳикматли сўзни айтди: “Умр бўйи кўрмоқчи бўлганинг Хизр менман! Бугун мен билан суҳбат қилдинг, аммо бир жуз Қуръон ўқишдан маҳрум қолдинг!”
Абу Бакр Варроқ қуддиса сирруҳ чуқур ўйга толди ва ўз-ўзига деди: “Хизр билан суҳбатлашишнинг натижаси шу бўлса, ғофил инсонлар билан суҳбат қилишнинг оқибати нима бўларкин?”
Инсон бу қиссадан ҳисса, яъни ибрат олиши лозим. Ғофиллардан узоқ юрмоғи, ҳар ишнинг хайрлисини сўраб, дуо қилмоғи керак. Ғафлатга тушиб: “Фақат шуни хоҳлайман, бошқаси бекор…” – дейишдан олдин ўйлаб кўриш керак, чунки ҳар бир ишнинг хайрли ёки хайрсиз экани фақат Аллоҳга аён.
“Хайрли бўлса бер, эй Роббим! Хайрсиз бўлса, узоқ айла!..” – дейиш энг тўғри йўл. Зеро, Роббимиз “Ғофиллардан бўлма!” ояти орқалибизларни огоҳлантиряпти ва ғофил бўлиб яшашимизни истамаяпти.
Роббимиз барчамизни ғафлатдан узоқ яшаб, Ўзига дўст қулларидан айласин. Омин!
“Тазкиратул авлиё”дан.