Президентнинг «2022–2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони билан мактаб директори лавозимига номзодлар фақат менежерлик сертификатига эга бўлганлар орасидан танлаб олиниши белгиланди. Бу ҳақда Халқ таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 декабрга қадар мактаб директори лавозимига номзодларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда баҳолаш натижаси бўйича уларга менежерлик сертификатини бериш амалиёти йўлга қўйилади. Шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб:
Mактаб директори лавозимига номзодлар менежерлик сертификатини олиш учун Миллий-тадқиқот институтида махсус пуллик дастурлар асосида жамоада ишлаш ва ота-оналар билан мулоқот қилиш, бошқарув, молия ҳамда ахборот-коммуникацион технологиялар бўйича ўқитилади;
ўқитиш якуни бўйича Миллий-тадқиқот институти томонидан мактаб директори лавозимига номзодларнинг менежмент соҳаси бўйича билими ва кўникмалари баҳоланади ҳамда натижаси бўйича менежерлик сертификати берилади;
мактаб директори лавозимига номзодлар фақат менежерлик сертификатига эга бўлган шахслар орасидан танлаб олинади.