Tошкент бозорларида истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулоти борлиги маълум қилинди

АОКАда ўтказилган навбатдаги брифингда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Алишер Сафаров Тошкент шаҳри деҳқон бозорларидаги текширувлар натижасида қанча миқдордаги озиқ овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз эканлиги тўғрисида маълумот берди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент шаҳри деҳқон бозорларидаги 30,6 минг тонна гўшт, 103 минг тонна ўсимлик махсулотлари, 163,8 млн дона тухум, 6,6 минг тонна сут ва сут маҳсулотлари ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияси томонидан лаборатория таҳлилларидан ўтказилган. Аниқланишича, 6,8 тонна гўшт ва гўшт махсулотлари, 43,5 тонна ўсимлик, 89 минг дона тухум, 4,7 тонна сут ва сут маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз бўлган ва ушбу маҳсулотлар савдодан четлаштирилган ва зарарсизлантириб йўқотилган.

«Давлат ветеринария хизмати ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда 58 ҳолатда амалдаги қонун талаблари ва нормаларининг бузилиш ҳолатларида жами 12 тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлари истеъмолга яроқсизлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда зарарсизлантирилди» дейди брифингда Алишер Сафаров.