Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан вакил (Бизнес-омбудсман) девони Сирдарё вилоятидаги ходимлари томонидан жами 50 та, шу жумладан судларга 8 та даъво аризалари, давлат органларига 2 та тақдимнома ва 2 та хулоса ҳамда 38 та мансадбор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик масалаларини кўриб чиқиш кўринишида таъсир чоралари қўлланилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девони Сирдарё вилоятидаги ходимлари томонидан маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди идоралар билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг муаммолари ҳал этилиши чоралари кўрилмоқда.
Май ойи давомида Бизнес-омбудсман девони ходимлари ташаббуси билан вилоятнинг 7 та ҳудудида учрашув ва сайёр қабуллар ташкил этилиб, унда 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларидан 121 та мурожаатлар ҳамда таклифлар келиб тушган.
Мурожаатларнинг салмоқли қисми ер ва бино ажратиш, кредитлаш, солиққа доир муносабатлар ва текширувлар қонунийлиги, инфратузилмани яхшилаш ҳамда етказилган зарар бўйича товон пулини ундириш билан боғлиқ бўлиб, 21 та масала ижобий ҳал қилинган бўлса, қолганларининг ижроси назоратга олинган.
Йил бошидан буён Бизнес-омбудсманнинг вилоятдаги ходимларига келиб тушган 220 та мурожаатларнинг 112 таси тўлиқ қаноатлантирилган, 90 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган ҳамда 28 таси кўриб чиқилмоқда.
Н.Намозов,
Бизнес-омбудсман девони Сирдарё вилояти бўйича бош инспектори