Тошкентда шантаж ва товламачиликда гумон қилинган икки нафар йигит қўлга олинди.Бу ҳақда шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, 20 ёшли Б. ўзининг iPhone 11 PRO телефонини сотиш учун интернетга эълон жойлаштирган. Шундан сўнг, телефонга харидорлар 23 ёшли В. ва 21 ёшли З. келган.
Учрашув чоғида телефон эгаси пулни олиб, ундаги маълумотларни ўчириш учун телефонни қайтариб беришни сўраганида, харидорлар буни ўзлари қилишларига ишонтиришган.
Орадан бир кун ўтиб харидор Б. қўнғироқ қилиб, телефонда интим суратларни топиб олгани ва уни шарманда қилиш учун интернетга жойлаштирмоқчилигини айтади.
Улар суратларни интернетга жойлаштирмаслик эвазига Б.дан $1,5 минг талаб қилишган. Жабрланувчи $700 пули борлигини айтган. Харидорлар эса бу нархга рози бўлишган.
Шундан сўнг, Б. ИИО.гa мурожаат қилади. Харидорлар Б.дан пулни олаётган вақтида, жиноят жойида қўлга олинган.
Ушбу ҳолат бўйича В.гa ва З.гa нисбатан Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур моддада 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.