Куни кеча, 25-май куни Тошкент – Истанбул йўналишида авиақатновини амалга оширувчи самолёт жадвалга мувофиқ Тошкентдан парвозни бошлаган.
Техник сабабларга кўра ҳаво кемаси Тошкент вақти билан соат 21:10 да Трабзон аеропортига мажбурий қўнишни амалга оширган. Бу ҳақда Uzbekistan Airways хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ҳозирда самoлёт бортидаги 240 йўловчи ҳаётига ҳеч қандай хавф туғдирилмаган. Яқин вақт ичида барча йўловчилар Трабзон шаҳрида жойлашган меҳмонхонага жойлаштирилиб, тез фурсатларда белгиланган манзилга – Истанбул шаҳрига етказиладилар.
Ўз навбатида, ушбу сабаб туфайли ҲЙ274/25МАЙ22 Истанбул – Тошкент йўналиши бўйича авиақатнови вақти кечиктирилади (Истанбул маҳаллий вақти билан жадвалга мувофиқ 21:45 режалаштирилган парвоз). Айни вақтда Истанбулдан Тошкентга йўловчиларни олиб кетиш учун резерв ҳаво кемасини юбориш масаласи ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, «Келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилар ва уларни кутиб олувчилардан узр сўраймиз, шунингдек, юзага келган вазиятни тўғри тушунишингизни сўраб қоламиз«, дейилади расмий хабарда.