Қўқон шаҳридаги кураш бўйича Жаҳон чемпионати ўз ниҳоясига етди

Қўқон шаҳридаги «Ўрда» майдонида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун белбоғли кураш бўйича 2005-2006 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.
Ушбу мусобақада юртимиз белбоғли кураш усталаридан ташқари Россия, Мўғулистон, Озарбайжон, Беларусь, Исроил, Грузия, Ҳиндистон, Молдова, Руминия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби дунёнинг 20 га яқин давлатдан 200 нафардаз зиёд сара полвонлар иштирок этишди.

Чемпионатда белбоғли кураш бўйича ўғил болалар -42, -45, -50, -55, -60, -65, -71, -77 , -85, -95, +95 кг вазн тоифаларида куч синашишган бўлса, қизлар -44, -48, -52, -57, -63, -70, +70 кг вазнларда ғолиблик учун баҳс олиб боришди. Мусобақа регламентига кўра куннинг биринчи ярмида саралаш босқичи ўтказилган бўлса, тушдан сўнг ярим финал ва финал беллашувларида кучлилар аниқланди.

Ушбу турнирда ҳамюртларимиз 16 та олтин 13 та кумуш ва 22 та бронза медалларини қўлга киритишди.