Сурхондарёда будда тасвири туширилган терракота ҳайкали топилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маьлумотларга кўра, Сурхондарё воҳаси, хусусан Термиз шаҳри милодий 1-3 асрларда буддизм маркази сифатида танилган. Бу ҳақда Хитойнинг тарихий манбалари ҳам гувоҳлик беради. Эски Термиз ҳудудидаги буддавийлик ибодатхоналари ва ундан топилган будда ҳайкаллари шулар жумласидандир.
Сурхондарё вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси маълумотига кўра, худди шундай будда тасвири туширилган терракота ҳайкали вилоятнинг Сариосиё туманидан ҳам топилди. Ушбу терракота ҳайкалида будданинг ўтирган ҳолати тасвирланган.
Туманнинг «Шаҳриобод» маҳалласи Ҳурватан қишлоғида яшовчи фуқаро томонидан топилган ҳайкалча Термиз археология музейига топширилмоқда.