Биринчидан, “Солиқ” мобил иловаси орқали мулкчилик шаклидан қатъий назар, биринчи маротаба келиб тушган мурожаат бўйича солиқ тўловчи ҳузурига борган ҳолда, профилактик суҳбат ўтказилиб, тадбиркорлик субъектининг қонун талабларида иш юритиши тўғрисида расман огоҳлантирилади.
Унга нисбатан таъсирчан молиявий жазо чоралари кўрилмайди.
Мазкур огоҳлантиришдан кейин ҳам қонун бузилишлари давом эттирилиб, ушбу тадбиркорлик субъекти бўйича иккинчи маротаба мурожаат келиб тушса белгиланган тартибда ўрганиш ўтказилади ва натижаси бўйича солиқ текшируви ташкил этилади.
Иккинчидан, мурожаат бўйича сайёр солиқ текшируви ўтказилаётган ёки ўтказилган текширув натижаси бўйича қарор қабул қилиш жараёнида ушбу субъект бўйича такрорий тушган мурожаатлар кўриб чиқилмайди.
Учинчидан, жамоатчилик назоратини кенгайтириш мақсадида, бир фуқаро томонидан 24 соат ичида 2 тадан ортиқ ҳамда 30 календар куни давомида 1 та шохобча бўйича 1 мартадан кўп мурожаат юборилишига чеклов ўрнатилади.
Тўртинчидан, давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатлари, мукофот тўланмайдиган мурожаатлар сифатида қайд қилинади.
Давлат солиқ қўмитаси ушбу ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда, чек талаб қилиб, яширин иқтисодиётга қарши курашишда фаол иштирок этаётган фуқароларимизни рағбатлантиришни ва ноқонуний ишлаш йўлини танлаган субъектларга нисбатан таъсирчан назорат тадбирлари изчил давом эттиради.