Умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул жараёнлари 20 июндан бошланади. Бу ҳақда Ҳалқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мактабларга бириктирилган микроҳудуд бўйича қабул жараёнлари жорий йилнинг 20 июнидан 31 июлига қадар амалга оширилади.
Умумтаълим мактабларининг ўқувчи ўрни, малакали педагог кадрлар билан таъминланганлиги, синф хоналарининг ўқув мебеллари билан жиҳозланганлигидан келиб чиқиб, умумтаълим мактабларининг бўш ўринларига микроҳудуддан ташқари қўшимча қабул жараёнлари 2022 йилнинг 1-15 август кунлари амалга оширилади.
Шунингдек, ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА амалга оширилади.
Қолган ҳудудлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бошқа туман (шаҳар)ларидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул анъанавий шаклда, яъни бевосита мактабда амалга оширилади.
Шу ўринда яна бир бор эслатиб ўтамиз! Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, умумтаълим мактабларининг 1-синфига болалар 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.
Яъни, янги 2022-2023 ўқув йилида 2015 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар туғилган болалар 1-синфга қабул қилинади.
Қабул жараёнлари ҳақида қўшимча маълумот олиш учун мактаб маъмуриятига мурожаат қилишингиз мумкин, дейилади хабарда.