«Ҳаж-2022» мавсумида иштирок этиш учун қатор талаблар қўйилди

Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов Ҳаж мавсумига доир маълумотларни эълон қилди.

Маълум бўлишича «Ҳаж-2022» мавсумида иштирок этиш учун энг кичик ёш 65 ёш этиб белгиланди. Ушбу ёш чегараси Саудия Арабистонининг қатъий талаби ҳисобланади. Ушбу ёш чегарасига 1957 йил 30 июн санасига қадар туғилган инсонлар киради.

Шунингдек зиёратчилар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган Pfizer/BioNTech, Oxford-AstraZeneca, Moderna ёки Johnson & Johnson вакциналарининг тўлиқ дозасини қабул қилган бўлишлари шарт.

Барча зиёратчилар менингитга қарши 4 валентли вакцинани қабул қилган бўлиши зарур.

Саудия Арабистонига киришдан 72 соат олдин коронавирус диагностикаси ҳақида салбий натижали ПЗР маълумотномани тақдим этиши лозим.