Ўзбекистон “Halal in Travel – Global Summit 2022” глобал саммитида икки номинация бўйича ғолиб бўлди

2022 йилнинг 31 май – 2 июнь кунлари Сингапурда мусулмон дунёси туризм бозорини тиклаш ва ривожлантиришга бағишланган «Halal in Travel – Global Summit 2022” халқаро саммити бўлиб ўтди. Саммитда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов онлайн форматда иштирок этиб, сўзга чиқди.

“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан туризм сегментига, хусусан, зиёрат туризмига қаратилаётган алоҳида е‘тибор самарасида Ўзбекистон жаҳон мусулмон туризми бозорида муҳим ўринни эгаллади.

Ривожланаётган ёш сайёҳлик йўналиши билан Ўзбекистон ҳам сайёҳларга, ҳам таҳсил олмоқчи бўлганларга кўплаб имкониятлар ва қизиқарли лаҳзаларни тақдим эта олади”, — деди А.Абдуҳакимов.

“Halal in Travel Awards” глобал саммити доирасида Самарқанд шаҳри “Йилнинг ислом мероси манзили” ва “Йилнинг энг яхши ривожланаётган мусулмон шаҳри” мукофоти ғолиби бўлди.

Ўзбекистон ҳар йили CrescentRating томонидан эълон қилинадиган “World Muslim Travel Index” рейтингида кучли ўнталикка кирди.

Ушбу рейтингни ишлаб чиқишда мамлакатнинг сайёҳлар учун очиқлик сиёсати, мусулмон туристлар учун яратилган имкониятлар, тарғибот ва маркетинг, ислом меросини сайёҳларга етказиш даражаси каби қирқдан ортиқ мезон ҳисобга олинган.

CrescentRating ташкилоти раҳбари Фазал Баҳардин бу йилги кўрсаткичларга алоҳида тўхталиб, Ўзбекистонни рейтингда энг тез кўтарилган ва бошқаларга ўрнак бўлаётган давлат сифатида эътироф этди.

Ушбу саммит дунёнинг турли бурчакларидан туризм соҳасида тажрибага эга 70 дан ортиқ соҳа мутахассисларини ўзида жам қилди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2022 йил 1 январдан бошлаб 35 та ресторан (тезкор овқатланиш тармоқлари) ва 4 та меҳмонхона “Ҳалол” рейтинги ва сертификатига эга бўлди.