Ортиқхўжаев «Тошкент» аэропорти яқинидаги автотураргоҳларни Uzbekistan Airports балансига ўтказди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 30 майдаги қарори билан «Тошкент-2» халқаро терминали ва ички қатновлар учун мўлжалланган «Тошкент-3» терминалининг автотураргоҳлари, шунингдек, пойтахт аэропорти ҳудудига туташ жойлардаги автотураргоҳлар Uzbekistan Airports балансига ўтказилади.

Мазкур ҳудудларни компания ихтиёрига ўтказиш давлати раҳбарининг 2021 йил 30 апрелдаги «Фуқаролик авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган эди.

Ортиқхўжаевнинг қарори бу борадаги илк қадам бўлди. Кейинчалик, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан автотураргоҳларни баҳолаш ва акциядорлик жамиятининг давлат улушини ошириш бўйича тегишли буйруқ қабул қилинади. Шундан сўнг тегишли тартибда ягона акциядор — Молия вазирлиги томонидан давлат компаниянинг улушини ошириш ва автотураргоҳлар қийматини устав капиталига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Ва ниҳоят, барча амалга оширилган ишлар якуни бўйича кадастр ҳужжатларини Кадастр агентлиги томонидан «Муниципал мулкларни бошқариш маркази» ДУКдан Uzbekistan Airports AЖ номига қайта расмийлаштириш амалга оширилади.