Андижон вилоятининг Асака туманида ауцион орқали сотиб олинган пилла қабул қилиш пунктини сотишга уринган пиллачилик кластери раҳбари қўлга олинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Асака тумани “Қўнғирот” МФЙ ҳудудида 1,15 га майдонда жойлашган Қўнғирот пилла қабул қилиш пунктининг бино ва иншоотлари “E-Auksion” электрон савдо платформаси орқали сотувга чиқарилган. Ауцион натижаларига кўра, “Asaka ipagi” масъулияти чекланган жамияти ғолиб деб топилган ҳамда давлат активларини бошқариш агентлиги Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси билан “Asaka ipagi” МЧЖ ўртасида 2022-йил 11-май куни 01-19/2022 сонли олди-сотди шартномаси имзоланган.
Шартноманинг 5.4 бандига мувофиқ обектдан самарасиз фойдаланиш, қисмларга бўлиб сотиш, бошқача тарзда бегоналаштириш, шартнома шартлари бўйича олинган мажбуриятлар тўлиқ бажариб бўлгунга қадар кредитнинг гаров таъминоти сифатида фойдаланиш, бузиб юбориш ва бошқа тарзда шикаст етказиш қатъий тақиқланиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, ушбу бино ва иншоотлар ауционга қўйилишида ғолиб чиқувчи юридик ёки жисмоний шахс обектдан самарали фойдаланиши, инвестиция киритиши, иш ўринларини яратиши, белгиланган режаларни ўз вақтида бажариб бориши мақсадлари қўйилган.
“Бироқ 2021-йилдан буён Олтинкўл ҳамда Асака туманларида пиллачилик соҳасида кластер бўлиб фаолият юритиб келаётган «Asaka ipagi» МЧЖ раҳбари юқоридаги шартларга амал қилмасдан бино ва иншоотларни бошқа бир шахсга 180 минг долларга сотиб юборган”, — дейилади хабарда.
“Asaka pilla” МЧЖ раҳбари ушбу ҳудудни келишилган пулнинг маълум қисмини олиш жараёнида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинган. Ҳозирда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.