Андижон вилояти Избоскан туманида 23 май куни сув таъминоти идораси ходими қарздор истеъмолчилар томонидан калтакланди. Бу ҳақда «Андижон сув таъминоти» ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жамиятинг Избоскан тумани филиали ходими А.С. юзага келган қарздорликни сўндириш мақсадида манзилларда фаолият олиб боришга жалб этилган. Жараён давомида у филиал ҳуқуқшуноси томонидан қарздор истеъмолчиларга талабномаларни тарқатиш билан шуғулланган.
Жумладан, Янги авлод маҳалласининг Оқшом кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Қ. А.га ҳам фойдаланилган тоза ичимлик сувидан 625 минг сўм миқдорида қарздор эканини огоҳлантирувчи талабнома етказиб берилган. Бунга жавобан фуқаро жамиятнинг ваколатли ходимини калтаклаган.
«Бизга мана шунча қарздорликни сен чиқаргансан, деб мени темир калит билан солиб ўтирибдида. Онаси супурги билан, ўғли машина ключи билан уриб, менга тан жароҳати етказди. Орада бурним синиб, 3-4 кун болнитсада ётиб чиқдим», — дейди ходим.
Ҳолат юзасидан Избоскан тумани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.