«Магистратурага киришда чет тили сертификати мажбурийлигича қолади», — Абдуқодир Тошқулов

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг маълум қилишича, бу йил магистратурага ҳужжат топшириш учун чет тили сертификати мажбурийлигича қолади. Абитуриентлар учун мутахассислик фанидан имтиҳон бўлмайди, фақат дипломнинг ўртача балли ҳисобга олинади. Квота тўлмаса, қишда яна бир марта қабул бўлади.

Oлий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида магистратурага нима сабабдан чет тили сертификати мажбурий қилинаётгани ҳақида гапирди. Вазирнинг қайд этишича, сертификат ҳақидаги эътирозларга қарамай, бу талаб мажбурийлигича қолади.

“Жорий йилги қабулдан бошлаб магистратурага чет тилидан фақатгина маҳаллий ва халқаро сертификат олган абитуриентларгина ҳужжат топшира олади. Бу – бир йил олдинги президент қарорида белгиланган. Ҳозир бу талабга ҳар хил фикрлар билдириляпти”, деди вазир.

Абдуқодир Тошқуловнинг қайд этишича, ўтган йили атиги 700 нафар бакалавриат битирувчилари чет тили сертификатига эга бўлган. Бу йил эса 7 минг битирувчида шундай сертификат бор.

“Агар бола инглиз тилини билмаса ё ҳаминқадар билса, қандай тадқиқот олиб боради? Ҳозирги замон билан қандай беллашади? Шунинг учун ҳам биз рухсат олдик: халқаро ё маҳаллий чет тили сертификат билан ҳужжат топширган абитуриент магистратурага киришда мутахассислик фанидан имтиҳон топширмайди. Мутахассислик бўйича имтиҳон – қарийб бор бўйи билан коррупция. Дипломнинг ўртача балли ҳисобланади ва бу билан ҳужжат топширган абитуриент магистр бўлади.

Тўлмай қоладиган квота учун 2 марта қабул бўлишини сўраяпмиз. Бунда август ойида бир марта ва январда яна бир марта қабул бўлади”, деди Абдуқодир Тошқулов.

Вазирнинг таъкидлашича, магистратурага қабул яхши бўлмагани учун ҳам олий таълимда нобоп кадрлар кўпайган. Қабул тизими ўзгариши сифат ўзгаришига ёрдам бериши умид қилинмоқда.