Наманган вилоятининг Поп тумани ҳамда Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида аҳолига ажратилган ун маҳсулотини сотиб юборган МЧЖ ва хусусий корхона раҳбарлари аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Поп туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «П.З.» МЧЖ раҳбари С.Х. аҳоли истеъмоли учун ажратилган 54,9 тонна 1-навли ун маҳсулотини бошқа шахсларга қиммат нархларда сотиб юборгани аниқланган.
Худди шундай, Марғилон шаҳрида ўтказилган терговга қадар текширувда, «А.У.» хусусий корхонаси раҳбари А.А. ҳамда «А.Р.» ва «Т.М.» хусусий корхоналарининг норасмий раҳбари М.О. узоқ ва чекка ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли учун ажратилган 10,1 тонна ун маҳсулотини Марғилон шаҳри ҳудудида бошқа шахсларга бозор нархида сотиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.А., М.О. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.