Бу гапимни Жаҳонгирга алоқаси йўқ. Отажонов — жўмард ватандош. Аммо мен билган аксар қўшиқчилар зеҳнияти тиланчилик ва таъмагирликдан таркиб топган. Тўйларда пул олиб ўрганиб қолишган. Бировнинг қўлига қараб туришади. Бой оталарни мақтаб ашла айтишади. Чўнтагидан чиқариб бир тийин тўлагиси келмайди.
Бир ҳурматли халқ артисти Урганчда мен ишлаган хусусий ТВда реклама берадиган бўлди. У самимий бир шаклда: «Чўнтагимдан пул бера олмайман. Принципларимга зид. Кирган нарса чиқмайди», дея бошқа вариант таклиф қилди. «Ҳазораспдаги бир тўйдан тушган пулни пилесосчилар сизга беради. Мен фақат договорни олсам бўлди,» деди. ТВ бухгалтери ўша куни кеч соат 12 гача тўйда ўтириб, реклама пулини олиб келиб, кирим қилганди.
Муддаога ўтсам. Санжай деган Чеченистон халқ артисти шоир Усмон Азимни шеърини сўрамасдан қўшиқ қилгани учун шоирга товон тўлаш бўйича суд қарори бор. Қарор ижро қилиниши керак. Санжай шу пулни танга билан тўлайман¸ кимнинг уйида ортиқча тангаси бўлса, менга обкеберсин, дея мухлисларига юклама қилди. Бу билан у гўë халқ шоирини пастга урмоқчи. Айни пайтда жарима пулини мухлислардан ундирмоқчи. «Қўшиқчи — ҳақ. Шоир — ҳақсиз», дейилгани қулоғимга чалинди. Биринчидан, шоир Усмон Азим — мустақилликдан олдин эрк ҳақида куйлаган¸ миллат етиштирган улуғ шоир. Санжай эса Чеченистон президентига лаганбардор қўшиқ айтиб кремлпараст ўлка халқ артисти бўлган ва сирли тарзда у ердан думи тугилган.
Санжайнинг жамият иконастасида тутган ўрни халқ шоири Усмон Азимовдан анча тубанда. Ўрни йўқ десаям бўлади. Иккинчидан, шеър — шоирнинг интелектуал мулки. Худди расм рассомники¸ ҳайкал¸ ҳайкалтарошники¸ мусиқа бастакорники бўлгани каби. Изнсиз¸ ўғирлаб қўшиқ қилиш қаердан қарасангиз ҳам, нотўғри.
Шу боис ҳар ким ҳаддини билгани яхши. Миллатнинг сўнг 100 йиллик тарихидаги энг яхши ижодий гуруҳ аъзоларини санашим учун қўлимдаги бармоқларим етади. Бу гуруҳ ичида Усмон Азим бор. Усмон Азим дахлдор бўлган гуруҳ ижодининг етуклигини давр ҳам даврон ҳам тан олган.
Айни пайтда юзминглаб қўшиқ айтувчилар суруви бор Ўзбекистонда. Уларнинг санъатга алоқадорлигини ҳали на давр¸ на даврон ва на эстетика тасдиқлагани йўқ.
Соқол қўйган одам дарров тақволи бўлмагани каби зўр ижрочи ҳам бўлиб қолмайди.
Бу гапларим халқ ëзувчиси Усмон Азимни камситимоқчи бўлган ашлачи Санжай ва унинг ҳайбаракаллачиларга даккидир.