Президент қарори (ПҚ–275-сон, 09.06.2022 й.) билан Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти ташкил этилди
Қарорга мувофиқ, Институт юридик шахс мақомига эга давлат ОТМ ҳисобланади.
Институтда ўқув жараёни 2022/2023 ўқув йилидан бошланади.
2023/2024 ўқув йилидан Институтнинг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида фанлар мажмуасидаги чет тили фанидан 4 та кўникмани (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилади. Бунда:
чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон ДТМ томонидан амалга оширилади;
чет тили бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга абитуриентларга ушбу фандан ўқишга кириш синовларида касбий (ижодий) имтиҳонсиз максимал балл берилади.
Институтда талабаларга иккита хорижий тил бўйича квалификация бериш амалиёти йўлга қўйилади.
Институтнинг хорижий тилда мутахассислик фанларидан дарс берадиган С1 даражадан кам бўлмаган миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга ўқитувчиларига уларнинг базавий лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақи тўлаб борилади.
2023/2024 ўқув йилидан Институтнинг хорижий тиллар ўқитувчилари С1 даражадан кам бўлмаган, 2024/2025 ўқув йилидан эса мутахассислик фанлари (хорижий тилдан ташқари) ўқитувчиларининг B2 даражадан кам бўлмаган миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга бўлиши таъминланади.
Институтга бошқа ҳудудлардан жалб этилган профессор-ўқитувчилар учун уй-жой ижараси тўловини компенсация қилишга рухсат этилади.