Шавкат Мирзиёев автомашинада Тошкент бўйлаб бир ярим соат юриб, жуда кўп қоидабузарликларга гувоҳ бўлганини айтди. «Хоҳлаган одам хоҳлаганини қилиб юрибди. Одам қўрқиб ҳам кетди», деди у.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шахсан ўзи Тошкентни автомашинада айланиб, ҳайдовчиларнинг тартибсиз ҳаракатига гувоҳ бўлганини айтди. Бу ҳақда у 6 июнь куни ер усти ҳалқа метроси қурилишининг иккинчи босқичи билан танишиш жараёнида маълум қилди, дейилади «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатувида.
«Ўтган куни (шанба, 4 июнга тўғри келади — таҳр.) машинада бир ярим соат Тошкентни айландим. Юриб бўлмади. Мен ўзим юрган катта кўчаларда юриб бўлмади. Шунақа қоидабузарлик кўп, шунақа тирбандликлар кўп. Хоҳлаган одам хоҳлаган нарсасини қилиб юрибди. Одам қўрқиб ҳам кетди буни кўриб. Менинг ўзим ҳайрон қолдим», — деди президент.
Қўйлиқдан Сергелининг «Қурувчилар» массивигача бўлган 5 та янги станциядан иборат ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичи тақдимотида бу шахсий транспорт воситаларидан фойдаланишни қисқартириб, пойтахт кўчаларида оқимни камайтиришга хизмат қилиши айтилди. Шаҳарга ташриф буюрувчилар ўз автомобилларини қолдиришлари мумкин бўлган метро бекатларида олтита тўхташ жойини қуриш режалари ҳам шунга қаратилган.