Ўқитувчилар малака тоифаси учун тўланадиган устама 2 баробарга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 1 январдан профессионал таълимдаги педагог ва усталар ойлиги оширилиши, устамалар қўшилишини айтиб ўтганди.

«Очиқ айтиш керак, 2 миллион сўм ойлик олаётган техникум ёки касб-ҳунар мактаби муаллимларидан камида 5 миллион сўм иш ҳақи оладиган мутахассислар тайёрлаб беришни талаб қиляпмиз», дея таъкидлаганди президент.

Шу боис, келгуси йил 1 январдан:

профессионал таълимдаги педагог ва усталар ойлиги ўрта мактаб ўқитувчиларига тенглаштирилади;

ўқитувчилар малака тоифаси учун тўланадиган устама ўртасидаги фарқ 2 баробарга оширилади;

эришган натижасига қараб, фидойи ва ташаббускор педагог кадрларнинг ойлигига 50 фоизгача устама тўлаш жорий этилади.

Бунинг учун кейинги йил бюджетидан қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади. Шу билан бирга, профессионал таълим муассасалари педагоглари малакасини оширишда янги тизим яратилади.

Университетлар ҳузуридаги малака ошириш факультетлари ўрнига ҳар бир вилоятда Профессионал тайёргарлик марказлари ташкил этилади.