Тарвуз саломатлик учун энг фойдали маҳсулотлардан бири. У ўлкамизда асосан июль-август ойларида пишади.Маҳсулот таркиби А, С, Е витамини, В гуруҳи дармон-дорилари, магний, калий, кальций, фосфор, темир ва натрий моддаларига бой бўлиб, пешоб ва сафро ҳайдовчи таъсирга эга. Унинг шарбати буйраклар ва жигарни зарарли токсинлардан тозалаб, холестерин миқдорини камайтиради. Айниқса, тарвуз онкологик касалликларнинг олдини олиш, ҳазм фаолиятини яхшилаш ва моддалар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади.Ёзнинг иссиқ кунларида тарвуз истеъмол қилиш инсон организми учун кони фойда. Аммо бу маҳсулотни етиштиришда азотли ўғитлардан кўп фойдаланилган бўлса, саломатликка зарар етказиши ҳеч гап эмас.
Мутахассислар тезпишар, яъни эртапишар тарвузларни истеъмол қилишда эҳтиёткорликка чақиради. Боиси, бугун кўпчилик деҳқонлар ушбу маҳсулотни етиштиришда азотли ўғитлардан ҳаддан ортиқ кўп фойдаланмоқда. Бу эса кўпчилик инсонларнинг дориланган тарвузлардан заҳарланишига сабаб бўляпти.
– Агар кимдир таркибида нитрат моддаси меъёрдан ортиқ бўлган тарвузни истеъмол қилса, унинг нохуш белгилари 4-6 соатдан кейин пайдо бўлади, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати санитария-гигиена бошқармаси бошлиғи А.Шукуров.
– Инсонда кўнгил айниши, қусиш, диарея, қорин ва бош оғриғи, 38-39 даражагача иситма кўтарилиши, юрак уришининг секинлашиши, қўл-оёқларнинг совуқ қотиши ва бошқа белгилар кузатилиши мумкин.Заҳарланиш белгилари намоён бўлганда, дарҳол шифокор билан маслаҳатлашиш ва мутахассис тавсиялари асосида муолажаларни давом эттириш зарур. Мабодо, кекса ёшли инсон, ҳомиладор аёл ёки 12 ёшгача бўлган бола заҳарланганда, «Тез ёрдам» чақириш мақсадга мувофиқ. Бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун тарвуз харид қилишда сотувчидан тегишли рухсатномани талаб қилиши керак. Унда маҳсулот манбаи, шунингдек, сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи зарур маълумотлар ўрин олган бўлади.Тарвуз танлаётганда, унинг бузилмаганига ишонч ҳосил қилинг, – дейди А.Шукуров.
– У шикастланмаган, ёриқларсиз ҳамда қораймаган, моғорламаган бўлиши керак. Тарвуз кесилганда, ранги тоза қизил ва ўзгармаган бўлади. Тановул қилишдан аввал яхшилаб ювиш лозим.
Шунингдек, уни совутилган ҳолда ейиш ҳамда истеъмол қилишда бошқа хил озиқ-овқат маҳсулотлари билан аралаштириб юбормаслик, яъни таом қабул қилиш кетма-кетлигига риоя қилиш тавсия этилади.
Зарнигор Эшпўлатова,
ЎзДЖТУ талабаси