Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов 19 июнь куни Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрига борди. Бу ҳақда Афғонистоннинг муваққат ҳукумати Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, у ерда муваққат ҳукумат ТИВ раҳбари вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий билан учрашув ўтказилган. ТИВ матбуот котиби ўринбосари Ҳофиз Зийи Аҳмаднинг маълум қилишича, Ўзбекистон делегацияси таркибида Афғонистон бўйича махсус вакил Исматулла Эргашев ҳам бор.
Музокарада савдо ва транзит соҳасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари кўтарилиб, хавфсизлик билан боғлиқ вазият муҳокама қилинган. Шунингдек, Муттақий Абдулазиз Комиловни янги лавозими билан табриклаган.
«Ўзбекистонга афғонлар билан сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлиги учун миннатдорчилик билдираман», — деган у.
Муттақий Афғонистон бўйича июль ойи охирида Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда иштирок этиш учун таклиф қилинган. Қўшни мамлакат ҳукумати Ўзбекистонга Савдо вазирлиги вакиллари бошчилигидаги делегацияни юбориш истагини билдирган.