Соч умрининг ўртача давомийлигини биласизми?

Соч тўкилиши физиологик (нормал) ёки патологик (муаммолар туфайли) бўлиши мумкин. Патологик тўкилиш сочнинг бир текисда сийраклашишига, қисман ёки тўлиқ касаликка олиб келади. Бу ҳолат витаминлар ва микроелементлар етишмаслиги, дори воситаларининг ножўя таъсири, гормонал ва инфекцион касалликлар, стресс, ирсият, нотўғри парвариши туфайли юзага келиши мумкин. Кўпинча, уларни тузатиш муаммонинг бартараф бўлиши билан якунланади.

Соч тўкилиши табиий жараёндир. Ҳар куни киши 60-100 тола соч йўқотади. Одатда, янги ўсиб чиққан ва тўкилган толалар миқодир бир хил бўлади. Аммо маълум шароитларда иккинчисининг миқдори ортиб кетади.

Соч умрининг ўртача давомийлиги 7 йил бўлади ва бу вақт давомида у 3 босқичдан ўтади:

Биринчи босқич — тола нозик ва ингичка бўлиб, кейинчалик фаол ўса бошлайди. Бу давр 2-7 йил давом этади.Иккинчи босқич — катаген фаза, яъни тўкилишга тайёрланиш босқичи. 2-4 ҳафта давом этади.Учинчи босқич — тўкилиши босқичи. У фолликул (соч илдизи) жойлашувининг чуқурлигига қараб 3-4 ой давом этади.

Сабаблари

Патология ривожланишига ички ёки ташқи омиллар таъсир ўтказиши мумкин.

Ички омиллар

Соч тўкилишининг энг кўп учрайдиган сабабларидан бири — организмда темир микроелементининг етишмаслигидир. Аёллар ҳайз пайтида табиий қон йўқотишлари туфайли кўпинча темир танқислиги анемиясидан азият чекади ва унинг биринчи клиник кўриниши айнан тирноқ, тери ва сочларда сезилади.

Юқори жисмоний фаоллик, мувозанациз ва озиш учун қатъий парҳезлар ҳам камқонлик ривожланишига олиб келиши мумкин. Оқибатда сочлар рангсиз, қуруқ ва мўрт бўлиб қолади. Анемия даволанмаса, муаммо фақатгина кучаяди.

Стрессли вазиятлар ва вегетатив асаб тизимининг бузилишлари бош терисидаги томирларнинг торайишига сабаб бўлади. Узоқ чўзиладиган стресс ҳолатида томирлар нормал ҳолатга қайтмайди. Соч толаларининг озиқланиши бузилиши оқибатида улар тўкилувчан бўлиб қолади.

Ташқи омиллар

Баъзи дориларни қабул қилиш (масалан аспирин узоқ муддат қабул қилинганда) соч тўкилишига туртки бўладиган ножўя таъсирга эга. Уларга асосан орал контрацептивлар, антидепрессантлар, гипотензив ва стероид препаратлар киради.

Қоматни сақлаш учун ўз таркибида оғир метал тузлари ва селен сақлаган препаратлар сочларга яхши таъсир кўрсатмайди. Ушбу дорилар асосан ич сурги бўлганлиги боис, уларни қабул қилиш витамин ва минералларнинг сўрилиши бузилишига олиб келади. Бундан ташқари, оғир метал тузлари билан сурункали заҳарланиш ва анемия ривожланиши мумкин.

Бошқа сабаблар орасидан қуйидагиларни ажратиб кўрсатиш мумкин:

Сочни бўяш, кимёвий ўраш, фен билан керагидан ортиқ қуритиш; узоқ муддат париклар, улама сочлар тақиб юриш; гигиеник воситаларни нотўғри қўллаш; совуқ мавсумда бош кийимларини кийганда сочга бепарволик қилиш; кофеин сақлаган ичимликларни суистеъмол қилиш.

Муаммо мавжудлигини аниқлаш учун осон тест мавжуд. Бунинг учун соч бир неча кун ювилмайди, сўнг бошнинг тепа қисми ёки ёнларидан қўл билан тортилади. Агар қўлда бешдан ортиқ соч толаси қолса, бу тўкилиш меъёрдан юқори эканлигини кўрсатади.

Баъзи ҳолларда сочларнинг меъёрдан ортиқ тўкилиши касаллик ёки ташқи сабаблар билан боғлиқ бўлмайди, масалан организмдаги гормонал ўзгаришлар вақтида. Гормонлар миқдори меъёрга қайтгач, муаммо ўз-ўзидан бартараф бўлади. Бундай даврларга боланинг 3-6-ойлиги, балоғат даври, туғруқдан кейинги давр, ҳомиладорликнинг узилиши ва менопауза киради.

Соч тўкилишининг сабабини аниқлаш учун трихолог консултацияси лозим. Бунда кенг кўламли таҳлиллар ўтказилади. Хусусан қон таҳлили, гормонал фонни таҳлил қилиш, сочларнинг спектрал таҳлили ва алопесияни истисно этиш учун текширувлар.

Соч тўкилишини даволаш

Тери, тирноқ ва сочлар ҳолати тананинг ички ҳолатини акс эттиради, шунинг учун муаммо кузатилганда унинг бирламчи сабабини бартараф этишга ҳаракат қилиш керак. Даволаш давомида сочга зарарли таъсир кўрсатувчи омиллар қўлланилмаслиги керак, масалан фен билан қуритиш, бўяш. Бундан ташқари, соч лаки ва геллар ишлатиш ҳам тавсия этилмайди.Сочни меъёрдан ортиқ тортиб ўраш ва узоқ муддат шу ҳолатда қолдириш, сочиқ билан қаттиқ артиш, фен билан тез-тез қуритиш ҳам сочларга шикаст етказади. Бу омилларнинг таъсирини минимал даражагача чеклаш керак.

Шаҳнозабону Ражабова