Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридаги туғуруқхонада 33 ёшли аёл вафот этди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди.
Аниқланишича, 2022 йил 28 май куни Каттақўрғон шаҳар, Алишер Навоий кўчасида яшовчи фуқаро М.Я. ҳомиладорлиги сабаб шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига мурожаат қилган. Бу пайтда аёлнинг ҳомиласи 38-39 ҳафталик экани маълум бўлган.
33 ёшли аёл гистацион анемия енгил даражаси ташхиси билан ётқизилиб, кузатувга олинган. Шундан сўнг ҳомила чаноқ бош диспропорцияси, ҳомиланинг ноаниқ ҳолати ташхиси қўйилиб, ҳаётий кўрсатма сабабли 29 май куни кеч соат 02:00 да аёлнинг яқин қариндошлари розилиги билан кесарча кесиш операцияси ўтказилган. Натижада ўғил ҳомила оператив йўл билан туғдирилган. Она ва боланинг аҳволи яхши бўлиб, операциядан сўнг туғуруқ бўлимида кузатувда бўлган.
2022 йилнинг 6 июнь куни соат 15:10 да бемор М.Я. Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимида илк чилла даври, кесарча кесиш операциясидан кейинги ҳолат, ўткир ўпка-юрак етишмовчилиги, полиорган етишмовчилиги ташхиси билан вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2022 йил 6 июнь куни Каттақўрғон шаҳар прокуратураси терговчиси ва тезкор тергов гуруҳи аъзолари ҳодиса жойига чиқиб, ҳодиса жойини кўздан кечирган. М.Я.нинг ўлими сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига хизмат текшируви тайинланиб, ишга алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олинган.
Ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.