Бир нечта суғурта ташкилотларига жарима санкцияси қўлланилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, 2022 йил I чорак якуни бўйича суғурта ташкилотлари томонидан тақдим этилган ҳисоботларни ўрганиш натижасига кўра 18 та суғурта ташкилоти ҳисоботларни белгиланган муддатда ва барча меъёрий талаблар доирасида тақдим этганлиги маълум бўлган.
Бошқа суғурта ташкилотлари томонидан меъёрий талабларга амал қилинишида турли даражадаги камчиликларга йўл қўйилган.
Молиявий ҳисоботларни мониторинг қилиш натижаларига кўра, ажратилган активлар таркибида ликвид активларнинг етарли даражада шакллантирилмаганлиги, барқарорлаштириш захираларини белгиланган талаблар доирасида ҳисоб-китоб қилинмаганлиги, боғлиқ шахсларнинг устав капиталларида иштирок этиш меъёрлари бузилганлиги, ҳисоботларни белгиланган муддатларда тақдим этилмаганлиги ва бошқа шунга ўхшаш қонун бузилиш ҳолатлари бўйича 13 та суғурта ташкилотига нисбатан жами 238 млн. сўм миқдорида жарима санкцияси қўлланилди.
Ҳисобот даври якуни бўйича 1 та суғурта ташкилотининг тўлов қобилиятини белгиланган талаб даражасига етказиш мақсадида суғурталовчига 15 млрд. сўм миқдорида қўшимча капитал киритиш мажбурияти юкланди.