Украинада уруш бошланганидан бери тинч аҳоли орасидан неча киши ҳалок бўлгани айтилди

Украинада Россия босқини бошланганидан бери тинч аҳоли орасида қурбонлар ва ярадорлар сони 10 403 кишига етди. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси сайтида айтилган.

24-февралдан 21-июнгача Украинада 4634 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, 5769 нафари яраланди. Қурбонлар орасида 320 нафар, ярадорлар орасида 478 нафар бола бор, дейилади ҳисоботда.

Қурбонлар ва ярадорларнинг аксарияти Донецк ва Луганск вилоятларида — мос равишда 2710 ва 3209 киши.

БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери 8 миллиондан ортиқ одам Украинани тарк этишга мажбур бўлган. 3,5 миллиондан ортиқ украиналиклар Европа давлатларига кўчиб кетган.