АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Янги Зеландия ва Япония Тинч океани ҳудудида янги иттифоқ тузди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
Partners in the Blue Pacific (PBP) самарали ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақанинг орол-давлатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
«Бизнинг бешта давлатимиз Тинч океани устуворликларини яхшироқ ва самаралироқ қўллаб-қувватлаш мақсадида Partners in the Blue Pacific кенг қамровли норасмий механизмни ишга туширди», дейилади баёнотда.
Мазкур ташаббус бешта мамлакатнинг Тинч океанидаги орол давлатлари билан яқин алоқалари ва узоқ йиллик ҳамкорлигига асослангани таъкидланган.
«Биз минтақани суверенитет, ошкоралик тамойилларига мувофиқ ҳамда Тинч океани давлатларининг етакчилигини қўллаб-қувватлашда қатъиймиз. Мавжуд лойиҳалар харитасини тузамиз ва келажакдаги ташаббусларни шундай режалаштирамизки, уларни амалга ошириш учун кўпроқ ресурслар жалб қилинади», дейилади баёнотда.