Ўзбекистон бўйлаб аномал иссиқ об-ҳаво кузатилаётгани сабабли «Ўзтемирйўлйўловчи» раҳбарияти поездлар тезлигига чеклов киритди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темирйўллари» ахборот хизмати хабар берди.
«Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази хабар берганидек, жорий йилнинг 25-29 июн кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши давом этмоқда.Албатта бундай иссиқ ҳаво пайтида пўлат излардаги ҳарорат янада юқори бўлади. Шу боис, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ раҳбарияти шуни маълум қиладики, аномал иссиқлик туфайли поездлар тезлигига чеклов белгиланди. Шу сабали поездлар белгиланган манзилларга кечикиб бориш ҳолатлари кузатилади. «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ раҳбарияти ўз мижозларига кўрсатилган ишонч учун миннатдорчилик билдиради ва аномал иссиқлик туфайли юзага келган ноқулайликлар учун узр сўрайди»- дейилади хабарда.