Шавкат Мирзиёев 3 июль, якшанба куни яна Нукусга учиб кетди. Буни Flightradar24 хизмати тасдиқлайди.
Давлат раҳбари 2 июль куни оммавий намойишлар бўлиб ўтган Қорақалпоғистон пойтахтида бўлиб, кечаси қайтиб келганди. Президент депутатлар, жамоатчилик фаоллари билан учрашиб, Конституциянинг Қорақалпоғистонга тегишли қисмлари ўзгаришсиз қолишини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги Конституцион ислоҳотлардан норози бўлган фуқароларнинг ноқонуний намойишлари бўлиб ўтди. Жўқорғи Кенгеснинг маълум қилишича, ахборот хуружлари ва рўй бераётган воқеаларни қасддан бузиб кўрсатиш орқали таъсир қилишга уринишлар қайд этилган.
2 июль куни Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрига келиб, депутатлар, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Давлат раҳбари Конституциянинг Қорақалпоғистонга тегишли моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини айтди. «Конституциявий қонун лойиҳаси референдумдан кейингина қонуний тусга киришини билдириб, фуқароларнинг хоҳиш-иродаси, таклиф ва фикрларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу лойиҳа ўзгаришини ва такомилига етказилишини қайд этган.
Шавкат Мирзиёев фармони билан фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар бўлган даврда фавқулодда ҳолат жорий этилди.